Мисрнинг Янги Қоҳира шаҳридаги савдо марказида гелий баллони портлаши оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, яна 17 киши жароҳатланди. Ҳодиса 13 август куни Arabella Plaza савдо марказида содир бўлган.
Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, портлаш савдо марказининг биринчи қаватида жойлашган совғалар дўконидаги гелий баллонида юз берган.
Портлашдан сўнг дўкон ичида кичик ёнғин ҳам чиққан. Бироқ ёнғин қисқа вақт ичида назоратга олинган. Шунингдек, портлаш ва ёнғин оқибатида яқин атрофдаги айрим дўконларнинг фасад қисми зарарланган.
Ҳодиса ҳақида хабар олиниши билан воқеа жойига 8 та тез ёрдам машинаси юборилган. Жароҳатланганларнинг 11 нафари New Cairo Specialized Hospital шифохонасига, яна 6 нафари яқин атрофдаги тиббиёт муассасаларига олиб кетилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча жабрланганларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилаётганини ва уларнинг аҳволи шифокорлар назоратида эканини билдирган. Шунингдек, ҳодиса яқинидаги шифохоналарда юқори тайёргарлик режими жорий этилган.
Маълумот учун, Янги Қоҳира — Миср пойтахти Қоҳиранинг шарқий қисмида жойлашган янги шаҳарлардан бири ҳисобланади.






