Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон бокс мактабининг афсонавий вакили, жаҳон чемпиони ва машҳур мураббий Руфат Рискиевнинг вафоти муносабати билан унинг оиласи ва яқинларига таъзия билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
"Тошкент йўлбарси" номи билан танилган Руфат Рискиев 15 август куни 76 ёшида вафот этди. Президент матбуот хизмати хабар беришича, давлат раҳбари таъзияномасида марҳумнинг ўз ҳаётини боксга бағишлагани, спортдаги ютуқлари ва ёш авлод тарбиясига қўшган ҳиссаси алоҳида таъкидланган.
Руфат Рискиев 1949 йил 2 октябрда Тошкент вилоятида туғилган. У 1976 йилги Монреаль Олимпиадасида кумуш медални қўлга киритган ва собиқ Иттифоқ миқёсида тўрт карра чемпион бўлган.
Рискиев Марказий Осиёдан етишиб чиққан биринчи халқаро тоифадаги профессионал бокс ҳаками сифатида ҳам фаолият юритган.
Унинг ўзбек спортини ривожлантириш ва ёшларни тарбиялашдаги хизматлари давлат томонидан муносиб баҳоланиб, "Эл-юрт ҳурмати" ва "Дўстлик" орденлари билан тақдирланган.






