Эрон ташқи ишлар вазирининг ҳуқуқий ва халқаро масалалар бўйича ўринбосари Козим Ғарибободий АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ҳормуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб эълон қилиш ҳақидаги баёнотига кескин муносабат билдирди. Бу ҳақда Таsnim news хабар берди.
Ғарибободийнинг таъкидлашича, Ҳормуз бўғозини твит, авианосец, фармон ёки сайловолди нутқи орқали эгаллаб бўлмайди. У Эрон таҳдидлардан қўрқмаслиги ва куч ишлатиш билан боғлиқ босимларга таслим бўлмаслигини билдирди.
Эрон вакили, шунингдек, бўғознинг очилиши ёки ёпилиши Эрон назоратида эканини қайд этди. Бу баёнот Теҳрон ва Вашингтон ўртасида Ҳормуз бўғози устидан назорат масаласи кескинлашган бир пайтда янгради.
Аввалроқ Трамп Эрон "мағлуб этилганидан" сўнг Ҳормуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб эълон қилишини айтган эди. У АҚШ денгиз кучлари бўғозни блокада қилгани ва кемалар ҳаракати Вашингтон хоҳишига боғлиқлигини билдирган.
Ҳормуз бўғози жаҳон нефть савдоси учун муҳим стратегик йўлак ҳисобланади. У орқали одатда дунёдаги денгиз орқали ташиладиган нефтьнинг қарийб бешдан бир қисми ўтади. Айни пайтда бўғоздаги кескинлик ва ҳаракат чекловлари глобал энергетика бозорига ҳам таъсир кўрсатмоқда.






