"Толибон" ИШИД-Хуросон ва бошқа қуролли гуруҳларга қарши курашаётганига қарамай, Афғонистондаги террорчилик хавфини тўлиқ бартараф эта олмаяпти. Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг санкцияларни мониторинг қилиш гуруҳи ҳисоботида айтилган.
10 август куни эълон қилинган ҳисоботга кўра, Афғонистон ҳануз Марказий Осиё ва қўшни давлатлар учун жиддий хавф манбаи бўлиб қолмоқда.
Ҳужжатда ИШИД-Хуросон "Толибон" ҳукумати ва минтақа учун энг катта таҳдидлардан бири сифатида қайд этилган. Гуруҳ "Толибон" ва Покистон махсус кучлари операциялари натижасида катта йўқотишларга учраган бўлса-да, ўз салоҳиятини қайта тиклаган. БМТ экспертлари унинг йирик терактлар содир этиш имконияти сақланиб қолаётганини билдирган.
ИШИД-Хуросон жангарилари асосан Афғонистоннинг шимоли ва Покистон билан чегара ҳудудларига кўчган. Гуруҳ аъзолари дронлар, тунги кўриш мосламалари ва термал қурилмалардан фойдаланаётгани айтилган.
Ҳисоботда "Толибон Покистони" (TTP) гуруҳи фаоллашгани ҳам қайд этилган. Унинг Покистондаги ҳужумлари Кобул ва Исломобод ўртасидаги муносабатларни янада кескинлаштирган. БМТ маълумотларига кўра, TTP жангарилари Афғонистон ҳудудида эркин ҳаракатланмоқда.
Шунингдек, "Ал-Қоида"нинг Афғонистондаги мавқеи сақланиб қолаётгани ва ташкилот TTPга ғоявий, ҳарбий ҳамда логистик ёрдам кўрсатаётгани билдирилган.
Ҳужжатда "Шарқий Туркистон исломий ҳаракати" (ETIM/TIP) фаолияти, шунингдек, АҚШ ва собиқ Афғонистон ҳукумати армиясидан қолган қурол-яроғларнинг қуролли гуруҳлар қўлига ўтаётгани ҳам хавф сифатида кўрсатилган.
БМТ экспертлари ИШИД-Хуросоннинг кимёвий ва биологик қуролларга қизиқиши, шунингдек, тарғибот материалларини тайёрлашда сунъий интеллектдан фойдаланаётганини ҳам қайд этган.
"Толибон" матбуот котиби Забеҳуллоҳ Мужоҳид эса ҳисоботдаги айбловларни рад этиб, унда тилга олинган террорчи гуруҳларнинг Афғонистонга алоқаси йўқлигини билдирди.






