Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2026 йилда тиббиёт муассасалари ва ходимларига қилинган 914 та ҳужумни қайд этди. Ушбу ҳужумлар оқибатида камида 911 киши ҳалок бўлган, 1 минг 486 киши жароҳатланган. Бу ҳар куни ўртача тўрттадан ортиқ ҳужум содир бўлганини англатади.
ЖССТнинг Фавқулодда вазиятлар ва гуманитар операциялар бўйича директори Алтаф Мусанининг таъкидлашича, 2018 йилдан бери соғлиқни сақлаш тизимига қарши 10,4 мингдан ортиқ ҳужум ҳужжатлаштирилган. Уларда қарийб 5,7 минг киши ҳалок бўлган, 8,5 мингдан зиёд киши жароҳатланган.
2026 йилда тиббиёт тизимига қилинган ҳужумлардан энг кўп Украина, Ливан ва босиб олинган Фаластин ҳудуди жабр кўрган. Бундан ташқари, Мьянма, Эрон, Судан, Конго Демократик Республикаси, Жанубий Судан, Россия, Сурия ва Нигерияда ҳам соғлиқни сақлаш объектларига ҳужумлар қайд этилган.
ЖССТ Яқин Шарқдаги низолар давомида Ливан, Исроил ва Эрондаги тиббиёт муассасаларига қилинган ҳужумларни ҳам ҳужжатлаштиришда давом этмоқда.
Ташкилот маълумотларига кўра, 2026 йилда тиббиёт муассасаларига қилинган ҳужумларнинг энг кўп тарқалган тури оғир қуроллардан фойдаланилган зарбалар бўлган.
ЖССТ тиббиёт муассасасига қилинган ҳужум оқибатлари фақат ўша пайтда шифохонада бўлган беморлар ва ходимлар билан чекланмаслигини таъкидламоқда. Бундай ҳужумлардан кейин беморлар зарур тиббий ёрдамдан маҳрум бўлиши, тиббиёт ходимлари ишлай олмаслиги, ҳаётий муҳим дори-дармонлар ва бошқа тиббий воситалар етказиб берилиши тўхташи мумкин.
Алтаф Мусанининг айтишича, ЖССТда ҳужумларни қайд этиш ва ҳужжатлаштириш учун тегишли механизмлар мавжуд, бироқ айбдорларни жавобгарликка тортиш учун зарур мандат ва ваколатлар мавжуд эмас.
"Афсуски, тасдиқланган 10 мингдан ортиқ ҳужумларнинг бирортаси ҳам ҳанузгача айбдорларни жавобгарликка тортиш процедураси мавзусига айланмади", деди у.






