АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда аэропорт ва темир йўлни бевосита боғлайдиган биринчи линия ишга туширилди

Президент Шавкат Мирзиёев Урганч халқаро аэропортини Хива темир йўл вокзали билан боғлайдиган янги темир йўл линияси билан танишди.

'Ўзбекистонда аэропорт ва темир йўлни бевосита боғлайдиган биринчи линия ишга туширилди'ning rasmi

Мазкур лойиҳа аэропорт ва темир йўл инфратузилмасини бевосита боғлаш орқали йўловчилар, хусусан, хорижий сайёҳлар учун қатновни янада қулайлаштиришга қаратилган. Ўзбекистон темир йўл транспорти соҳасида Урганч халқаро аэропорти — Хива темир йўл тармоғи барпо этилган йирик лойиҳалардан бири сифатида қайд этилган.

Лойиҳа доирасида Урганч халқаро аэропорти ва темир йўл вокзалини боғловчи 11 километрлик янги темир йўл линияси қурилган. Унда янги бекат, кўприк, автомобиль йўллари билан кесишмалар ҳамда 25 та сув ўтказиш иншооти барпо этилган.

Янги йўналиш орқали йилига қарийб 650 минг нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳни ташиш имконияти яратилади. Урганч ва Хива ўртасидаги қатнов вақти эса 80 дақиқадан 40 дақиқага қисқаради. Лойиҳа доирасида 30 га яқин янги иш ўрни ташкил этилган.

Эътиборлиси, аэропортни темир йўл билан бевосита боғлашга қаратилган мазкур лойиҳа Ўзбекистонда биринчи марта амалга оширилмоқда.

Урганч халқаро аэропорти — Хива йўналишида Хитойда ишлаб чиқарилган CR200J электропоезди қатнови йўлга қўйилмоқда. Олти вагондан иборат поезд қарийб 400 нафар йўловчини ташиш имкониятига эга бўлиб, соатига 160 километргача тезликда ҳаракатлана олади.

Поезд вагонларида VIP, бизнес ва эконом-класс ўринлари, бепул Wi-Fi, электрон қурилмаларни қувватлаш имконияти, кондиционер ва иситиш тизимлари мавжуд. Ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам зарур шароитлар яратилган.

Давлат раҳбари янги электропоездда Хива шаҳрига борди.

Хивада Президент Урганч халқаро аэропорти ва Хива темир йўл вокзалини боғлайдиган йўналишда қатновга қўйиладиган янги троллейбусларни ҳам кўздан кечирди.

Жорий йил июль ойида Хитойдан олиб келинган 10 та троллейбус автоном ҳаракатланиш тизими билан жиҳозланган. Улар электр тармоғига уланмаган ҳолда 100 километргача масофани босиб ўтиши мумкин.

Ҳар бир троллейбус 87 нафар йўловчига мўлжалланган. Уларда ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва болали йўловчилар учун қулайликлар яратилган. Шунингдек, USB ва Type-C портлари, ички ва ташқи кузатув камералари ўрнатилган.

Транспорт воситалари ҳайдовчи ҳолатини кузатиш, ҳаракат йўлагидан чиқиб кетишдан огоҳлантириш ҳамда автоматик ёнғин ўчириш каби хавфсизлик тизимлари билан таъминланган.

Давлат раҳбари транспорт турларини ўзаро уйғунлаштириш аҳоли ва сайёҳлар учун қулайлик яратиши, йўлга кетадиган вақтни қисқартириши ҳамда Хоразмнинг туристик жозибадорлигини оширишини таъкидлади.

Мутасаддиларга янги транспорт воситаларида йўловчилар учун хавфсиз ва сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистонда аэропорт ва темир йўлни бевосита боғлайдиган биринчи линия ишга туширилди - Darakchi.uz