Маълум қилинишича, июль ойида мамлакатнинг аксар ҳудудларида ҳаво ҳарорати меъёрдан 1–4 даража юқори бўлган. Рекорд даражадаги иссиқлик нафақат жанубий, балки шимолий, шарқий ва марказий вилоятларда ҳам кузатилган.
Шимкентда 16–20 июль кунлари ҳаво ҳарорати 41,3, 43,1, 45 ва 45,2 даражагача кўтарилган. 16 ва 17 июль кунлари қайд этилган кўрсаткичлар 1915 йилдаги рекорддан юқори бўлган. 19 ва 20 июль кунларидаги ҳарорат эса 2019 йилда ўрнатилган рекордларни ҳам янгилаган.
Олмаота шаҳрида ҳам бир неча кун давомида рекорд даражадаги иссиқлик қайд этилган. Хусусан, 16 июль куни +38 даража, 17 июль куни +39,2 даража, 18 июль куни +40 даража ва 20 июль куни +41,5 даража иссиқ бўлган.
Қозоғистон пойтахти Остонада 14 июль куни ҳаво ҳарорати +38,6 даражагача кўтарилиб, 1992 йилдаги рекорд янгиланган.
Ўскемен шаҳрида эса 2 июль куни +34,4 даража, 16 июль куни +39,7 даража қайд этилган. Бу кўрсаткичлар мос равишда 1969 йилда ўрнатилган рекордлардан юқори бўлган.
Қизилўрда ва Туркистон шаҳарларида ҳам ҳаво ҳарорати 45 даражадан ошган. 17 июль куни Қизилўрдада +45,2 даража, 18 июль куни Туркистонда эса +47,6 даража иссиқ кузатилган.
"Қазгидромет" маълумотларига кўра, июль ойида мамлакатнинг айрим ҳудудларида ёғингарчилик миқдори ҳам меъёрдан бир неча баробар юқори бўлган. Жамбил вилояти, Қарағанда вилояти, Ғарбий Қозоғистон вилояти, Атирау вилояти ва Қостанай вилоятида кучли ёмғирлар қайд этилган.






