Россиянинг Олтой Республикаси Артибаш қишлоғида сайёҳлар жойлашган палаткага айиқ ҳужум қилди. Йиртқич палаткада бўлган 29 ёшли аёлни ўрмонга олиб кетган ва у ерда уни ўлдирган.
Маълум қилинишича, воқеа тунги вақтда, сайёҳлар ухлаб ётган пайтда содир бўлган. Айиқ палаткани йиртиб, аёлни ташқарига судраб чиққан ва ўрмон томон олиб кетган.
Атрофдагилар йиртқични ҳайдашга уринган. Бироқ айиқ уларга ҳам ташлангани сабабли, аёлни қутқаришнинг имкони бўлмаган. Кейинроқ унинг ҳалок бўлгани маълум қилинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ваҳший ҳайвонни палатка ёки сайёҳларнинг юкларида қолдирилган озиқ-овқат ҳиди жалб қилган бўлиши мумкин.
Айни вақтда мутасадди идоралар айиқ билан қандай чора кўриш масаласини ҳал қилмоқда. Ҳодиса юзасидан текширув олиб борилмоқда.






