2025 йилда мигрантлар ва қочқинлар Шимолий Африкадан Марказий Ўрта ер денгизи орқали Европага етиб бориш учун 100 мингдан ортиқ уринишни амалга оширган. Бу ҳақда ТАСС Халқаро миграция ташкилоти ҳамда БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси маълумотларига таяниб хабар берди.
Қўшма ҳисоботга кўра, ўтган йили Ливия, Тунис ва Жазоирдан Италия ҳамда Мальта томон Марказий Ўрта ер денгизи орқали ўтишга уринишлар сони 100 777 тани ташкил этган. Бу 2024 йилга нисбатан 21 фоизга кам.
Қайд этилишича, мазкур миграция йўналиши ҳамон ўта хавфли бўлиб қолмоқда. 2025 йилда ушбу йўналишда 1 330 киши ҳалок бўлган. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 1 754 нафарни ташкил этган.
Ўтган йили Марказий миграция йўналиши орқали Европага етиб боришга уринганлар орасида Бангладеш, Судан, Миср, Эритрея ва Покистон фуқаролари кўпчиликни ташкил этган.






