Давлатимиз раҳбарига Андижон вилоятининг Бобур шаҳрида барпо этиладиган меъморий ансамбль доирасида буюк давлат арбоби, саркарда ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган муҳташам ҳайкал лойиҳаси тақдим этилди.
Қайд этилишича, буюк аждод хотирасини муносиб абадийлаштириш, унинг бой илмий-адабий мероси, давлатчилик тафаккури ва жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини ёш авлодга чуқур етказиш мақсадида ёдгорлик устида алоҳида бадиий ва илмий ёндашув асосида иш олиб борилмоқда.
Президентга бўлажак ҳайкалнинг эскизлари, композицион ечими ҳамда Бобур сиймосини яратишда қўлланилаётган илмий-бадиий ёндашувлар ҳақида ахборот берилди. Маълум қилинишича, тарихий шахс образи маҳаллий ва хорижий олимлар ҳамкорлигида ўтказилган тадқиқотлар, тарихий манбалар, қўлёзмалар, миниатюралар ва маданий мерос намуналари асосида шакллантирилмоқда.
Шунингдек, Президентнинг Покистонга давлат ташрифи доирасида Исломобод шаҳридаги боғлардан бирига Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилгани қайд этилди. Ушбу боғда ўрнатиладиган ҳайкал лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари ёдгорликларда Бобур сиймосини нафақат буюк шоир ва адиб, балки моҳир саркарда, қудратли давлат асосчиси ва донишманд ҳукмдор сифатида теран акс эттириш муҳимлигини таъкидлади. Ҳайкалларда унинг иродаси, давлатчилик салоҳияти, юксак маънавияти ва бунёдкорлик ғоялари яққол намоён бўлиши лозимлиги қайд этилди.
Тақдимот давомида Президентга Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати моддий-техник базасини такомиллаштириш, Бухоро шаҳрида туризм ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, туманлардаги маданият уйларини модернизация қилишга оид лойиҳалар юзасидан ҳам ахборот берилди.
Якунда давлатимиз раҳбари лойиҳаларни янада такомиллаштириш, уларни илғор тажриба асосида пухта ишлаб чиқиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.






