Фарғона шаҳрида турмуш ўртоғини урган аёл оилавий зўравонликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилди. Суд унга жарима жазоси тайинлади.
Суд ҳужжатларига кўра, 1999 йилда туғилган М.А. 2026 йил 20 февраль куни турмуш ўртоғи М.С. билан оилавий келишмовчилик сабаб жанжаллашган. Жанжал вақтида аёл эрига қўл кўтариб, унга тан жароҳати етказган.
Судда аёл айбига иқрор бўлган. Унинг айтишича, 18 февраль куни фарзандларини айлантириб келиш учун кўчага чиққан вақтда эр-хотин ўртасида келишмовчилик юзага келган.
“Мен санъат саройига, турмуш ўртоғим эса савдо мажмуасига боришни айтди. Шу сабаб жанжаллашиб қолдик. Кейин қўрқиб, отамникига кетдим”, деган у.
Орадан икки кун ўтиб, аёл турмуш ўртоғининг уйига қайтган ва жанжал яна давом этган.
“Мени урмоқчи бўлганида ўзимни ҳимоя қилиш мақсадида қўлим билан туртиб юбордим. Ҳозир ҳаракатларим нотўғри бўлганини тушуниб етдим”, деган М.А.
Жабрланувчи эркак эса судда аёлини кечирмаслигини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди М.А.ни Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 2-қисмида назарда тутилган оилавий зўравонлик жиноятида айбли деб топган.
Суд ҳукмига кўра, аёлга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари — 8 миллион 240 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Шунингдек, жабрланувчига моддий ва маънавий зарарни ундириш бўйича фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.






