Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собированинг маълум қилишича, ота-оналар билан ҳамкорлик қилиш мақсадида синф раҳбарларидан кафолат хати олиш юзасидан ҳудудий бўлинмалар ёки таълим муассасаларига ҳеч қандай кўрсатма ва тавсия берилмаган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган кафолат хати намунаси кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Унда синф раҳбарлари ўзлари раҳбарлик қилаётган ўқувчиларни қаттиқ назорат қилиши, турли йиғинлар ва пул йиғимларига йўл қўймаслиги, шунингдек, ота-оналардан кафолат хатлари олиши ва таътил давомида мунтазам алоқада бўлиб туриши лозимлиги қайд этилган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим тўғрисида”ги низомига мувофиқ, мактабларда ёзги таътил охирги босқичли назорат синови ўтказилган кундан, босқичли назорат ўтказилмайдиган синфларда эса ўқув йили якунланган куннинг эртасидан бошлаб 1 сентябрга қадар давом этади.






