Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистондаги 8 минг нафардан зиёд етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек, мамлакат сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган ҳарбийлар фарзандларининг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ долларидан пул маблағи ўтказиб берилади. Бу ҳақда 21 май куни Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан ахборотда маълум қилинди.
Тақдимотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ишлаб чиқилган таклифлар кўриб чиқилган.
Маълум қилинишича, Қурбон ҳайити муносабати билан мамлакат бўйлаб кенг қамровли хайрия ва ижтимоий тадбирлар амалга оширилади. Жумладан, оғир ва ногиронликка олиб келувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиётлари ўтказиш режалаштирилган.
Шунингдек, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик касалликка чалинган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, даволаш ва жарроҳлик амалиётлари учун харажатларни қоплаш, камида 350 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси операцияларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш доирасида давлат таъминотидаги оилалар, парваришга муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга озиқ-овқат тўпламлари тарқатилади.
Бундан ташқари, 500 та масжидда замонавий таҳоратхоналар қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, қабристонларни ободонлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Мазкур чора-тадбирларни молиялаштириш учун “Вақф” хайрия жамоат фондига ажратиладиган 690 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
Президент эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, беморларни даволаш ва болаларга кўмак бериш билан боғлиқ ишлар шаффоф ва манзилли ташкил этилиши лозимлигини таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.






