Ҳужжатга кўра, республикадаги 10 мингдан ортиқ қабристонни ободонлаштириш мақсадида 2027–2029 йилларга мўлжалланган дастур тасдиқланган. Ушбу ишлар учун жами 1,6 трлн сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.
Қарор билан дастурни молиялаштириш манбалари ҳам белгиланди. Жумладан, қабристонларнинг ҳимоя деворларини қуриш, кириш дарвозаларини ўрнатиш ва таъмирлаш ишлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Қабристонлардаги бино ва иншоотлар, шунингдек, йўл ва йўлакларни қуриш ҳамда таъмирлаш ишлари эса ҳар бир қабристон учун очиладиган шахсий ҳисобварақларда шаклланган маблағлар, ҳомийлик ва хайрия пуллари, маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
Ҳужжатга мувофиқ, хайрия маблағларини шаффоф назорат қилиш мақсадида ҳар бир қабристон учун алоҳида шахсий ҳисобварақ очилади. Қайд этилишича, шу вақтгача бир тумандаги барча қабристонлар учун битта ҳисобварақ юритилгани сабабли маблағлар ҳаракати тўлиқ назорат қилинмаган.
Шунингдек, юридик ва жисмоний шахслардан ихтиёрий хайрия маблағларини қабул қилиш учун махсус QR-кодлар жорий этилади. Тушган маблағлар фақат қабристонларни сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига сарфланади.






