Тошкент вилоятининг Бекобод туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) ҳамда 140-моддаси (ҳақорат қилиш) билан судланган аёл 2025 йил июль ойида қўшни республикага бориб, наркосавдогардан 1 килограмм “гашиш” моддасини 6 минг АҚШ долларига сотиб олиш ва уни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш бўйича келишувга эришган.
Маълум вақт ўтгач, аёл “WhatsApp” мессенжери орқали гиёҳвандлик воситаси қолдирилган хуфия жой манзилини олган.
Шундан сўнг у муқаддам гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлари учун судланган икки таниши билан Бекобод шаҳри ҳудудидаги дала майдонига йўл олган.
Бироқ улар гиёҳвандлик воситасини хуфия жойдан олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Экспертиза хулосасига кўра, мусодара қилинган гиёҳвандлик воситасининг соф оғирлиги 985 граммни ташкил этган.
Тергов жараёнида аёл ўзининг 1993 йилда туғилган жиноий шериги билан биргаликда Бекобод шаҳрида ижарага хонадон олиб, у ерда гиёҳвандлик воситаларини сотиш ва истеъмол қилиш учун “бангихона” ташкил этгани ҳам аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар суди ҳукмига кўра, мазкур шахслар Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Уларга нисбатан 8 йил 3 ойдан 10 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ ҳолатларга дуч келганда, ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали мурожаат қилишга чақирди. Мурожаат этувчининг шахси сир сақланиши кафолатланиши маълум қилинди.






