Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат идоралари фаолиятини баҳолашда асосий мезон натижадорлик бўлишини маълум қилди. Давлат раҳбарига кўра, вазирлик ва идораларнинг аҳоли олдидаги масъулиятини ошириш ҳамда улар фаолиятини холис баҳолаш доимий эътибор марказида бўлади.
“Бундан буён “жараён учун” эмас, “натижа учун” ишлаш тамойили идоралар фаолиятида асосий мезонга айланади”, — деди президент.
Қайд этилишича, “Сифатли давлат бошқаруви” дастури янги бошқарув маданияти ва замонавий дунёқарашни шакллантиришга қаратилган ислоҳот ҳисобланади.
Дастур давлат идоралари фаолиятини холис баҳолаш, уларнинг кучли ва заиф жиҳатларини аниқлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлашни назарда тутади.
Жорий йил январь–апрель ойларида дастур доирасида давлат идораларининг бошқарув сифати ва раҳбар кадрларнинг етакчилик қобилияти халқаро экспертлар ҳамда маҳаллий мутахассислар иштирокида баҳоланган.






