Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) сўнгги қўнғироқ тадбирлари яқинлашиши муносабати билан ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига алоҳида мурожаат билан чиқди.
Қайд этилишича, сўнгги вақтларда вояга етмаганлар томонидан ҳайдовчилик гувоҳномасисиз автомобиль бошқариш ҳолатлари кўпайгани сабаб йўлларда кенг кўламли профилактик рейдлар ва тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Бу эса айрим ҳолатларда оғир йўл-транспорт ҳодисаларига олиб келаётгани таъкидланди.
ЙҲХХ ўқувчиларга мурожаат қилиб, ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмасдан туриб автомобиль бошқармасликка чақирди.
“Азиз битирувчилар, йўл ҳаракати қоидалари бўйича етарли билим ва кўникмага эга бўлмасдан туриб, ўзингизни ва бошқаларни хавф остига қўйманг”, — дейилади мурожаатда.
Шунингдек, ота-оналардан ҳам фарзандларига автомобиль калитини бермаслик сўралди.
“Ҳурматли ота-оналар, сўнгги қўнғироқ тадбирлари баҳонасида фарзандингизга машина калитини топширманг. Бир лаҳзали қувонч кейинчалик оғир фожиаларга сабаб бўлиши мумкин”, — дея огоҳлантирди ЙҲХХ.
Маълумот учун, яқинда Қўқонда вояга етмаган бола бошқарган Malibu-2 автомобилида 10 ёшли уч нафар қизга урилиб, улардан бири вафот этгани қайд этилган.






