Покистоннинг жануби-ғарбида жойлашган Кветта шаҳрида йўловчи поезд ҳаракатланаётган пайтда худкуш террорист портловчи моддалар ортилган автомобилни темирйўл яқинида портлатди. Бу ҳақда AP агентлиги хабар берди. Бу ҳакда Zamon.uz хабар берди.
AP агентлиги хабар беришича ҳодиса оқибатида камида 19 киши ҳалок бўлган, 70 дан ортиқ инсон турли даражада жароҳат олган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда кучли портлаш таъсирида поезднинг икки вагони ағдарилиб, ёниб кетгани, атрофни эса қуюқ қора тутун қоплагани акс этган.
Гувоҳлар ва суратларда қайд этилишича, ҳужум одатда хавфсизлик кучлари жойлашадиган ҳудудга яқин ерда содир этилган. Портлаш оқибатида яқин атрофдаги бир нечта бино зарар кўрган, йўл бўйида турган ўндан зиёд автомобиль ҳам шикастланган.
Ярадорлар шифохоналарга етказилган бўлиб, улардан 20 нафари оғир ҳолатда экани айтилмоқда.
Ҳужум учун Покистон марказий ҳукуматидан мустақиллик талаб қилиб келаётган тақиқланган “Балужистон озодлик армияси” (BLA) гуруҳи масъулиятни ўз зиммасига олган. Гуруҳ баёнотида хавфсизлик ходимларини олиб кетаётган поезд нишонга олингани таъкидланган.
Балужистон вилояти ҳукумати матбуот котиби Шаҳид Ринд эса “бегуноҳ фуқароларнинг қурбон бўлгани ва ҳужум оқибатида инсонлар ҳалок бўлганидан чуқур қайғуда эканини” билдирган.
Унинг айтишича, портлашдан кейин Кветтадаги барча шифохоналарда фавқулодда ҳолат эълон қилинган ва ҳодиса юзасидан тергов бошланган.
Покистон ҳукумати қўзғолон ҳаракатлари босилганини таъкидлаб келса-да, Балужистон ҳудудида зўравонлик ҳолатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Балужистондаги темирйўл вокзалида содир этилган худкуш портлашда камида 26 киши ҳалок бўлган эди.






