Маълум қилинишича, жорий йилда туман соғлиқни сақлаш бўлими ҳамда дори-дармон ва тиббий буюмлар улгуржи савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ ўртасида 1 миллиард 2 миллион сўмлик шартнома тузилган.
Дастлаб шартнома суммасининг 30 фоизи МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Сўнгра бўлим раҳбари қолган 70 фоиз маблағни кўчириб бериш ва келгусидаги харидларни ҳам ушбу компания орқали амалга ошириш эвазига шартнома қийматининг 15 фоизи — 150 миллион сўм миқдорида пул талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, мансабдор шахс сўралган пулдан 11 минг 800 АҚШ долларини турмуш ўртоғи орқали олган вақтида тезкор тадбир давомида қўлга олинган.
Тергов жараёнида унинг тумандаги оилавий поликлиникалар ходимлари учун ажратилган 448 миллион сўм рағбатлантириш маблағининг 92 миллион сўмини қайта йиғиб олгани ҳам аниқланган.
Ҳолат юзасидан соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғига нисбатан пора олиш ва талон-торож қилиш моддалари билан, МЧЖ вакилига нисбатан эса пора бериш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






