Россия Украина ҳудудига қарши кенг кўламли ракета ҳужумини амалга оширди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, зарбалар ҳарбий бошқарув объектлари, авиабазалар ҳамда мудофаа-саноат корхоналарига қаратилган.
Баёнотда айтилишича, ҳужумда “Орешник” баллистик ракетаси, “Искандер” аэробаллистик мажмуаси, “Кинжал” гипертовушли ракетаси ва “Циркон” қанотли ракетасидан фойдаланилган.
Киев ва бошқа шаҳарларда портлашлар кузатилди
24 майга ўтар кечаси Украина пойтахти Киев ва мамлакатнинг қатор шаҳарларида кучли портлашлар содир бўлган. Мамлакат бўйлаб ракета хавфи эълон қилинган.
Киев мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, пойтахтнинг деярли барча туманларида вайронагарчилик қайд этилган. Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати эса Киев вилоятининг бир нечта ҳудудида ҳам зарар етганини тасдиқлаган.
Ҳужумда гипертовушли ва қанотли ракеталар қўлланган
- Россия Мудофаа вазирлигига кўра, зарбаларда:
- “Орешник” баллистик ракеталари;
- “Искандер” аэробаллистик мажмуалари;
- “Кинжал” гипертовушли ракеталари;
- “Циркон” қанотли ракеталари;
- ҳаво, денгиз ва қуруқликдан учирилувчи ракеталар;
- ҳамда зарбдор дронлар ишлатилган.
Россия томони “барча белгиланган объектлар йўқ қилингани”ни даъво қилмоқда.
Медведев: ҳужумга Старобелскдаги зарба сабаб бўлди
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Украина томонидан Луганскдаги Старобелск коллежи ётоқхонасига берилган зарба Москва томонидан кескин жавоб қайтарилишига сабаб бўлганини айтди
Россия иддаосига кўра, 22 май куни Украина Қуролли кучлари Луганск халқ республикасидаги Старобелск профессионал коллежига ҳужум қилган. Оқибатда 21 киши ҳалок бўлган, 40 дан ортиқ одам жароҳатланган.
Путин ҳодисани террорчилик ҳаракати деб атади
Россия президенти Владимир Путин мазкур ҳужумни “террорчилик ҳаракати” деб баҳолаган ва Мудофаа вазирлигига жавоб чораларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берганини маълум қилган.
Қайд этилишича, Украинадаги уруш бошланганидан бери Россия армияси “Орешник” ракета тизимидан учинчи марта фойдаланмоқда.






