Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида иккита Nexia ва битта «КамАЗ» юк машинаси иштирокида йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Авария 24 май куни соат 14:20 атрофида Қарши–Еттитом йўналишидаги D-150 автомобиль йўлида юз берган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Nexia русумли автомобилларнинг қаттиқ шикастлангани, "КамАЗ" эса йўл четида ағдарилиб ётганини кўриш мумкин. Кадрлар ҳодиса жуда кучли зарба билан содир бўлганини кўрсатмоқда.
Бир нафар йўловчи жароҳат олди
Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲ оқибатида Nexia-2 автомашинаси йўловчиси тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Қолган ҳайдовчи ва йўловчиларга жиддий зарар етмаган.
ЙТҲга нотўғри қувиб ўтиш сабаб бўлган
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилган дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида Nexia автомашинаси ҳайдовчиси транспорт воситаларини нотўғри қувиб ўтишга урингани аниқланган. Айнан шу ҳаракат аварияга сабаб бўлгани айтилмоқда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча текширув ишлари олиб борилмоқда.






