Президент матбуот хизматига кўра, давлат раҳбари Тўқаевга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, қардош Қозоғистон халқининг тинч ва фаровон ҳаёти йўлидаги масъулиятли давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар тилади.
Суҳбат давомида Туркий давлатлар ташкилотининг Туркистон шаҳрида ўтган норасмий саммити юқори даражада тайёрлангани ва мазмунли музокаралар самарали ўтгани алоҳида таъкидланди. Қайд этилишича, мазкур учрашувлар иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка янги суръат бағишлади.
Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда жадал ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Шунингдек, бўлажак ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, Ҳудудлар раҳбарлари кенгашининг биринчи учрашуви ва бошқа механизмлар доирасида янги иқтисодий кун тартибини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди. Икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам муҳокама қилинди.
Маълумот учун, Қосим-Жўмарт Тўқаев 1953 йил 17 май куни Олмаота шаҳрида туғилган. У 2019 йил 9 июнь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловларда 70,96 фоиз овоз билан Қозоғистон президенти этиб сайланган. 2022 йил 20 ноябрдаги сайловларда эса 81,31 фоиз овоз билан яна ғалаба қозонган.






