Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, март ойида бозордаги юқори фаоллик асосан апрелдан жорий этилган эскроу ҳисоб-китоб тизими билан боғлиқ. Апрель ойининг ўзида 23,3 мингта уй-жой битими расмийлаштирилди.
Ҳудудлар кесимида
Савдолар ўсишининг энг юқори суръатлари Сирдарё вилоятида қайд этилди — январь—апрель ойларида битимлар сони 50 фоизга ошди. Андижон вилоятида ўсиш 42 фоизни ташкил этди. Тошкент шаҳрида эса йил бошидан бери уй-жой савдоси 46 фоизга кўпайди.
Уй-жой бозоридаги фаоллик қурилиш ҳажмининг ортиши билан ҳам боғлиқ. 2025 йил якунига кўра, 15,9 млн квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, бу ўтган йилга нисбатан 2,8 фоизга кўп.
Ҳудудлар ўртасида қурилиш ҳажмида фарқ сақланиб қолмоқда. 2025 йилда Сирдарё вилоятида 136,1 минг кв.м уй-жой топширилган бўлса, Андижонда 1,33 млн кв.м, Тошкент шаҳрида эса қарийб 1 млн кв.м уй-жой фойдаланишга топширилди. Энг юқори кўрсаткич Тошкент вилоятида бўлиб, бу ерда қарийб 2 млн кв.м уй-жой қуриб битказилди. Йил охиригача Сирдарёда 3,5 мингта янги хонадон топширилиши кутилмоқда. Умуман, 2026 йилда республика бўйича 140 мингта янги турар жой фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Иккиламчи бозорда нархлар
Иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўртача 8,5 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш Сирдарё вилоятида 20 фоиз, Сурхондарёда 16,5 фоиз ва Бухорода 16,3 фоизни ташкил этди.
2026 йил январь—апрель ойларида эса нархлар ўртача 2,9 фоизга ўсди. Энг юқори ўсиш Сурхондарё (7,4 фоиз), Самарқанд (6,3 фоиз) ва Хоразм (6,2 фоиз) вилоятларида кузатилди.
Энг қиммат уй-жой бозори ҳануз Тошкент шаҳри бўлиб қолмоқда — апрель ойида иккиламчи бозорда 1 кв.м ўртача нархи тахминан 1150 долларга етди. Кейинги ўринларда Самарқанд вилояти (қарийб 900 доллар) ва Тошкент вилояти (690 доллар) қайд этилди.
Тошкент шаҳрида нархлар
Тошкентда иккиламчи уй-жой нархлари ўсишда давом этмоқда. Йиллик ҳисобда 1 кв.м ўртача қиймати 6,1 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш Мирзо Улуғбек туманида (9,2%), Миробод (9%) ва Чилонзор (8,3%) туманларида кузатилди.
Бирламчи бозорда ўсиш янада юқори — ўтган йил апрелига нисбатан 8,8 фоиз. Энг юқори кўрсаткич Юнусобод (17,3%), Мирзо Улуғбек (16,8%) ва Бектемир (11,3%) туманларида қайд этилди.
Ижара бозори
Апрель ойида Тошкентда ижаранинг ўртача қиймати 1 кв.м учун 9,2 доллар бўлди. Бу ўтган йилга нисбатан 9,1 фоиз юқори. Энг қиммат ижара Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида — ўртача 11 доллар атрофида.
Йиллик ўсиш суръатлари Яшнобод (18,2%), Бектемир (16,7%) ва Юнусобод (14,3%) туманларида энг юқори бўлди.
Шу тариқа, пойтахтда ижара бозори уй-жой сотув бозорига нисбатан тезроқ ўсмоқда. Бир йилда ижара нархлари ўртача 9,1 фоизга ошган бўлса, уй-жой нархлари умумий индекси 7,6 фоизни ташкил этди.






