Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра, 2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга мўлжалланмаган буғдой ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига фақат биржа орқали сотилади. Шунингдек, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим тоифаларига бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси оширилиб, 50 000 сўм миқдорида белгиланди.
Ижтимоий тармоқларда нон нархининг эркинлаштирилиши натижасида айрим ҳудудларда 1700 сўмдан 1900 сўмгача нархда сотилаётганлиги хусусидаги фикр-мулоҳазалар аҳоли ўртасида кенг тарқалиб, ижтимоий тармоқлар орқали турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ушбу муҳокамаларга “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси қуйидагича изоҳ берди.
"Компания тизимидаги 44та дон корхоналари таркибида 109 та нон ишлаб чиқарувчи корхона ва цехлар мавжуд бўлиб улар асосан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган. Тошкент шаҳрида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши, сотилиши ва таъминоти устидан назорат олиб бориш “Тошкент нон” уюшмаси томонидан амалга оширилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган қолипли нон маҳсулотлари бугунги кун ҳолатида 1400-1500 сўмдан барча турдаги истеъмолчиларга пул кўчириш ва турғун савдо шахобчалари орқали етказиб берилмоқда ва ушбу нархлар ишлаб чиқариш харажатларидан келиб чиқиб шакллантирилган.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги нон ишлаб чиқарувчи цехларда тайёрланган маҳсулотлар корхона номи ва логотипи мавжуд махсус дўконлар ва бозорлар, савдо комплекслари, аҳоли гавжум жойлардаги шахобчалар орқали белгиланган тартиб ва стандартлар асосида сотилиши ташкил этилган ва бу борадаги ҳаракатлар устидан қатъий назорат мунтазам равишда олиб борилмоқда."