21 декабрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Амирсой” тоғ-чанғи курортининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтгани ҳақида аввалроқ хабар бергандик. Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов тадбирда мазкур объектнинг ижтимоий аҳамияти хусусида сўзлади.
“Амирсой”нинг ижтимоий аҳамияти жуда катта. Мажмуа атрофдаги маҳаллий аҳолига кўплаб янги иш жойлари яратиш, даромад олиш имконини яратади. Биз маҳаллий аҳолига оилавий уйларни ташкиллаштириш орқали тадбиркорликни йўлга қўйишлари бўйича тавсиялар берамиз. Айтиш жоизки, 50-60 йиллар аввал Франциядаги машҳур Шамонига ўхшаш курортлари ҳудудлари ҳам мутлақо ривожланмаган бўлган, бугун эса ушбу курорт Франциянинг энг ривожланган ва бой ҳудуди саналади. Бу каби мажмуаларнинг ташкил этилиши аҳоли даромадларини кўтарилишига хизмат қилади. Кўплаб хизмат кўрсатиш ва транспорт хизматларини ташкил этиш орқали эса иқтисодиётимизга таъсир кўрсатади”.
Таъкидлаш жоизки, “Амирсой” лойиҳаси бўйича 2018 йилдан буён 892 гектар майдонда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилиб, у 580 ўринга мўлжалланган. Лойиҳа доирасида 300 янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.






