АсосийJamiyat

“BMW” ҳайдовчиси воқеа жойидан яширинган”. “Дружба”даги фожиа бўйича қўшимча маълумот берилди

'“BMW” ҳайдовчиси воқеа жойидан яширинган”. “Дружба”даги фожиа бўйича қўшимча маълумот берилди'ning rasmi

 9-январь куни соат 23.30 да Чилонзор тумани Бунёдкор кўчасида жойлашган Халқлар дўстлиги саройи қаршисида иккита автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди

Ушбу ҳолат бўйича Тергов департаменти қўшимча маълумот берди.

 “Ласетти” русумли автомобиль (давлат рақами 01 В 889 WA) ҳайдовчиси 44 ёшли Д.М. Ислом Каримов кўчасига бурилишдан олдин светофоргача бир неча метр масофа қолганида тор жойда тўхтаган. Тезликни ошириб ҳаракатланиб келаётган “БМВ” автомобили (давлат рақами 01 Т 777 ЕВ, Шайхонтоҳур туманида яшовчи 63 ёшли К.М. номига расмийлаштирилган) “Ласетти”га тўқнашиши оқибатида автомобилларда ёнғин келиб чиққан.

“Ласетти” русумли автомобиль ҳайдовчиси ва 6 ёшли йўловчиси Д.М. Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ ва Миллий гвардия ходимлари томонидан қутқарилгач, жароҳат ва куйишлар билан шифохонага етказилганлар. Яна икки нафар йўловчилар – 44 ёшли И.М. ва 8 ёшли Я.М. воқеа жойида ҳаётдан кўз юмдилар.

“БМВ” автомобили ҳайдовчиси воқеа жойидан яширинди. ЙТҲ содир бўлганида автомобилни бошқарган ҳайдовчининг шахсини аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.

ЙТҲнинг тахминий сабаби: “БМВ” автомобили ҳайдовчиси тезликни кескин оширган.

ЙТҲ факти бўйича Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш”) “а” банди 3-қисми билан жиноий иш қўзғатилди.

Марҳумларнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз. ЙҲҚга риоя қилинг, дейилади расмий хабарда.

    Бошқа янгиликлар