Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги Зиёкор маҳалласида уч нафар ака-ука ва уларнинг онаси ис газидан заҳарланди. Фожиа оқибатида болалар вафот этишган, она реанимация бўлимида қолмоқда.
ССВ Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаевнинг маълум қилишича, бахтсиз ҳодиса бугун, 25 январь куни тонг соат 5:10лар атрофида рўй берган
Вафот этган болалар 8, 12 ва 14 ёшларда, уларнинг ҳаммаси ўғил болалар бўлган. Болаларнинг онаси, 37 ёшли С.А. ҳозир реанимация бўлимида, шифокорлар унинг ҳаёти учун курашмоқда.
Таъкидланишича, мазкур ҳодиса юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумотларнинг барчаси ҳам тўғри эмас, яъни улар овқатдан эмас, ис газидан заҳарланиб вафот этишган.
Эслатиб ўтамиз, ис гази 9 январь куни Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ҳам бир оиланинг 4 аъзосини ҳаётдан олиб кетган эди. «Кўкгумбаз» МФЙга қарашли Қоронғул қишлоғида яшовчи ота-она ҳамда уларнинг икки фарзанди ҳалок бўлган эди.
Январь ойида, шунингдек, Тошкент шаҳар Юнусобод туманида она ва икки ёшли фарзанди, Фарғона вилояти Қува туманида бир оиланинг икки фарзанди ис газидан заҳарланиб, вафот этди.