Хабарингиз бор, Ўзбекистонда карантин жорий этилиб, машиналар ҳаракати чекланганидан сўнг, ушбу қоидани бузган кўплаб стикерсиз машиналар жарима майдонига жойлаштирила бошланди. Бу ўз-ўзидан кўплаб норозиликларга олиб келди. Яъни жарима майдонида турган автомобиль карантин тугагач олиб чиқилар экан ва шу муддат давомида унга ҳар бир кунга жарима майдончаси учун тўлов йиғилиб боради. Ана шу масалалар ортидан кўплаб муносабатлар билдирилди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев "Карантин даврида ишсиз, даромадсиз қолганларнинг турмушини янада мураккаблаштириш қанчалик тўғри?" дея сўров билан чиқди. ИИВ эса Карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун уларни жарима майдончасига жойлаштириш қонуний, дея жавоб берди. Шунингдек, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев стикерсиз автомобилларни жарима майдончаларида ушлаб туриш қонунийми, дея қайта таҳлил қилди. Сал аввал бу баҳсга Судья аралашди.
Бир сўз билан айтганда вазият ва муҳокамалар тобора чуқурлашиб бормоқда. Депутат Расул Кушербаев ушбу масалага фақат суд нуқта қўйишини таъкидлади:
"Масалага суд нуқта қўйиб бериши ҳақида айтгандим.
Ниҳоят судъяларимиз ҳам муҳокама марказида турган масала бўйича четда турмай ўз муносабатларини билдиргани қувонарли ҳол.
Энг муҳими, мен кутганимдек қонун устуворлиги тамойилидан келиб чиқиб, ҳурматли суд раиси эпидемия талабларига риоя этилмаганлик учун автомобилларни вақтинча жарима майдонига мажбурий қўйилиши қонунчиликда белгиланмаганлигини тушунтириб берибди.
Албатта келгусида судлар томонидан бу каби ишлар кўрилган тақдирда мана шундай ёндошув амалда ҳам доимий бўлиб қолишига умид қиламан. Зеро, қонун устувор бўлгандагина адолат таъминланади" — ўз муносабатини якунлаган депутат.
Вазият қандай якун топиши ҳозирча номаълум. Жарима майдончаларига қўйилган машиналар бўйича якуний хулоса ва қарор эълон қилингач, албатта бу ҳақда яна батафсил берамиз.






