АсосийЖАМИЯТ

ФВВ Сардоба бўйича янги рақамларни эълон қилди

Маълумки, 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган  “Сардоба” сув омбори д...

'ФВВ Сардоба бўйича янги рақамларни эълон қилди'ning rasmi

Маълумки, 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган  “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. 

Шу кундан бошлаб, талофатдан зарар кўрган аҳоли уй-жойларини қайта тиклаш бўйича тезкор ҳаракатлар олиб борилмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ацни пайтда Сардобада амалга оширилган ишлар ва кўрилаётган чоралар бўйича янги маълумотларни эълон қилди.

Келтирилишича, айни дамда “Сардоба сув омбори” билан боғлиқ фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг куч ва воситалари томонидан ишлар жадал олиб борилмоқда.

Ҳудудларни сув тошқинидан ҳосил бўлган лой ва бошқа чиқиндилардан тозалаш, йўл жиҳозларини қайта тиклаш учун қурилиш соҳасидан 175 техника ҳамда 416 нафар йўлсоз жалб қилинган ҳолда 23561 қум шағал аралашмаси билан йўл асоси тикланмоқда Шунингдек, жами 24 кўприкда диагностика ишлари амалга оширилиб, таҳлил натижаларини олиш учун лабораторияга тақдим этилди.

Сув тошқини оқибатида зарар кўрган электр, газ ва сув тармоқлари қайта тикланмоқда.

Таъмирлаш ва тиклаш ишлари учун 51 таъмирлаш бригадасидан 300 яқин малакали соҳа ходимлари, 32 махсус ва 60 хизмат автомашинаси жалб қилинди.

Тадбир бошидан 2 подстанция, 78 трансформатор пункти ва 254,1 км электр узатиш тармоқлари, 4 619 электр устунларини таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилиб, ишга туширилди.

Натижада 7 987 электр таъминоти узилган аҳоли хонадонларидан 7 388 таси тўлиқ электр энергия билан таъминланди.

Шунингдек, талофат кўрган 12 аҳоли пунктидан 10 таси тўлиқ барқарор электр энергияси билан таъминланди. Электр тармоқларини тиклаш ва таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 11 аҳоли пунктида 66 км газ қувури, 47 дона газ тақсимлаш қурилмаси ҳамда 7 550 дона маиший газ баллонларига зарар етган. Бунинг оқибатларини бартараф этиш учун 50 нафар ходим ва мутахассис, 45 та автотранспорт воситаси жалб қилинган.

Бундан ташқари, ҳудудларни сувдан тозалаш мақсадида, 83 та сув тортиш насоси харид қилиниб, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига топширилган. 19 та аҳоли пунктига доимий равишда 37 та махсус сув ташиш машинаси орқали ичимлик сувини етказиб бериш йўлга қўйилган.

Оқолтин тумани “Саховат” маҳалласидаги 2 дона оқава сув иншоотининг 3 дона насоси таъмирланиб, жойига ўрнатилди. Ҳудудда оқава сув тизими ишламоқда.

Тошқин оқибатларини барбараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.

 Эслатиб ўтамиз,  1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган  “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Натижада Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган.  Дастлабки маълумотларга кўра, Қўрғонтепа, Дўстлик, Юртдош МФЙлардан жами 11598 нафар аҳоли эвакуация қилинган.

Шу куннинг ўзида воқеа жойига бош вазир Абдулла Арипов ҳам етиб борди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардия ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда эвакуация тадбирларини ташкиллаштирилди.

Мазкур вазият оқибатларини бартраф этиш, эвакуация тадбирларини ташкиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида, воқеа жойига Президент  Шавкат Мирзиёев етиб борди.

Давлат раҳбари ҳудуд аҳолиси билан учрашиб, ушбу синовли кунларни сабр билан енгиб ўтиш лозимлигини ва вазият шахсан ўзининг назоратига олинганини таъкидлаб сардобаликлар дардига ҳамдард бўлди.

Аҳолини ва ҳудудни сув тошқинидан асраш бўйича бир қанча тезкор тадбирлар амалга оширилди.Хусусан: 

* Тошқин оқибатларини бартараф этиш учун сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилди.

* Сардобаликлар 4 та тумандаги мактаб, коллеж, хусусий корхоналар ва аҳоли хонадонларига жойлаштирилди.

* Тошқин Мирзаобод туманига ҳам қисман кирди, шу сабаб мазкур ҳудуд аҳолисининг бир қисми ҳам эвакуация қилинди.

Ниҳоят, ўша куни кечки 17:00лар атрофида ФВВ сув омборидаги тошқин тўхтатилгани ҳақида хабар қилди.

    Бошқа янгиликлар