Аввал хабар берганимиздек, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Нурафшон шаҳри ҳокимига бағишлаб куйланган қўшиқ пайдо бўлди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати қўшиқ юзасидан расмий муносабат билдирди.
Келтирилишича, ҳоким Қ. Ҳакимов туғилган сана – 15 июнь куни шаҳар маданият бўлими вакиллари ҳамда бошқа маҳаллий хонандалар қўшиқ ижро этиб, раҳбарга беришган. Мазкур қўшиққа шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ва маданият бўлими биргаликда ҳудудда турли даврларда амалга оширилаётган ишларга оид видеолавҳаларни қўшиб, ролик шаклида Нурафшон шаҳри ҳокимлигининг телеграмдаги расмий каналида эълон қилишган (https://kun.uz/72217029).
Ҳеч ким билан маслаҳатлашмай, раҳбарга хуш ёқиш истагида тайёрланган, шахсга сиғиниш аломатлари яққол сезилиб турган бундай қўшиқни ижро этган, ролик тайёрлаган ва чоп этган "ижодий жамоа" тегишли тартибда огоҳлантирилди. Вазият кенг миқёсда муҳокама қилина бошлангач, давлат хизматчиси шаънига, нуфузига тўғри келмайдиган иш қилганини англаган шаҳар маданият бўлими, ахборот хизмати раҳбари ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилишича, Қаҳрамон Ҳакимовнинг бундай ижодкорона "туҳфа" тайёрланаётганидан хабари бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, сал аввал ушбу бағишлов-қўшиқ юзасидан ҳокимнинг ўзи ҳам муносабат билдиргани хабар қилинган эди.






