АсосийJamiyat

Карантин сабаб Ўзбекистонда 41 000 дан ортиқ ёш паспорт олмаган. 16 ёшга тўлган, аммо ҳали паспорт олмаганлар ОТМга ҳужжат топшира олмайди

'Карантин сабаб Ўзбекистонда 41 000 дан ортиқ ёш паспорт олмаган. 16 ёшга тўлган, аммо ҳали паспорт олмаганлар ОТМга ҳужжат топшира олмайди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 июндаги «2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида» ПҚ-4749-сон қарори билан олий таълим муассасаларига қабул қилишнинг давлат буюртмаси (қабул квота) тасдиқланди. Олий таълим муассасаларига қабул квоталари ўтган йилга нисбатан 20 фоиздан қарийб 30 фоизга оширилди. Бу эса, битирувчиларга олий таълим муассасаларига кириш учун катта имконият яратади.

Мазкур йилда олий таълим муассасаларига ҳужжатларни қабул қилиш онлайн шаклда Давлат тест маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади. Ушбу онлайн қабул тизими абитуриентларнинг фуқаролик паспортидаги жисмоний шахсларнинг идентификация рақами (ПиНФЛ) билан боғланади. Шу боис, олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда 16 ёшга тўлган битирувчилар паспорт олишлари муҳим ҳисобланади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги огоҳлантирмоқда.

Юртимизда карантин чекловлари жорий этилгани сабабли паспорт ёшига (16 ёш) етган 41 000 дан ортиқ битирувчилар фуқаролик паспортини ўз вақтида олиш имкониятига эга бўлмаган.

Азиз битирувчи ёшлар, ҳурматли ота-оналар олий таълим муассасаларида ҳужжатларни қабул қилишда 16 ёшга тўлган битирувчиларнинг паспорт олиши зарур эканлигини инобатга олиб, бу масалада Ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаларига мурожаат этишларингиз сўралади.

Эслатиб ўтамиз, олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари жорий йилнинг 20 июнь кунидан бошлаб 20 июль кунига қадар давом этади.

 

    Бошқа янгиликлар