Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17 июнь куни коронавирус инфекцияси тасдиқланган 189 нафар бемор ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, беморлардан 13 нафари аҳоли орасида бўлиб, бунда Тошкент шаҳрида 5 нафар, Бухоро вилоятида 3 нафар, Тошкент вилоятида ҳам 3 нафар, Сурхондарё вилоятида эса 2 нафарни ташкил этган. Хусусан:
«Тошкент шаҳри ички ишлар тизими терговчисида, Миробод туманида яшовчи фуқарода (иккаласида ҳам тана ҳарорати кўтарилган ва томоқда оғриқ кузатилганлиги сабабли ўзлари бориб намуна топширган), „Ўзбекистон ҳаво йўллари“ АЖнинг 2 нафар мутахассисида (ишга чиқиш учун намуна топширган) касаллик қайд этилган», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Халқ банки филиали ходими ва унинг онасида, Сирдарё вилоятидаги электр станцияси ишчиси ва унинг ўғлида (тана ҳарорати кўтарилган ва Бекобод туманидаги шифохонага ётқизилган), Чирчиқ туманида яшовчи фуқарода (тана ҳарорати кўтарилган ва тез тиббий ёрдам хизмати орқали юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган), Бухоро вилояти кўз касалликлари шифохонасининг 3 нафар тиббиёт ходимида ҳам инфекция аниқланган.
Сал аввал, бугун касаллик қайд этилганлар орасида Вазирлар Маҳкамаси ходимлари ҳам борлиги хабар қилинган эди.






