Аввал хабар қилганимиздек, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилган жамоатчилик мулоқотида ички ишлар органлари фаолияти муҳокама қилинди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов ички ишлар ходимларига нисбатан бўлаётган кескин танқидий фикрларга жавобан, тизимда фаолият юритиб, хизмат вазифасини адо этиш вақтида ҳалок бўлган, касбига содиқ соҳа ходимлари ҳақида айрим фактларни келтириб ўтди:
— 2019 йилда хизмат вазифасини бажариш жараёнида 28 нафар ички ишлар ходими вафот этган, 229 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Аҳамият беринг, биргина йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш вақтида 20 нафар ходим ҳалок бўлган, 81 нафари жароҳатланган.
Жорий йилнинг 5 ойида эса вафот этган ички ишлар ходимлари 5 нафарни, жароҳатланганлар 73 нафарни ташкил этди. Улар орасида 4 нафар вафот этган ва 31 нафар жароҳат олганлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларидир, - деди ИИВ Матбуот хизмати раҳбари.






