Аввал хабар қилганимиздек, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилган жамоатчилик мулоқотида ички ишлар органлари фаолияти муҳокама қилинди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов аҳоли орасида ИИБ ходимлари қонунни талаб қилади ўзлари риоя қилмайди, дейдиганларга жавобан айрим фактларни очиқлади:
— Сафимизни адашиб кириб қолганлардан тозалаш бўйича кўп ишлар амалга оширилди. Масалан, 2019 йилда жами 7039 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланилган. Йўл ҳаракати қоидаларини бузган 1223 ходим жаримага тортилган. 133 нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Жорий йилда эса 2350 ходим хизмат интизомини бузгани аниқланди. 529 нафари йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳамда 45 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган. 78 нафар ходимимиз карантин қоидаларини бузганлик учун жаримага тортилган, бир нафари ишдан бўшатилган.
Шунингдек, Республика бўйлаб 300 мингдан ортиқ фуқаро карантин талабларини бузганлиги учун жаримага тортилган. 120 минг фуқаро эса огоҳлантирилган. Фақат жазолаш эмас балки 30 фоиздан ортиқ ҳолатларда огоҳлантирилганлигини ҳам инобатга олиш зарур. Яна бир нарсани унутмайлик. ИИОнинг номини булғаётган баъзи ходимлар ҳам ойдан тушишмаган. Ўзимизни ичимиздан, жамиятдан чиққан одамлар. Сўзда эмас, амалда қонун устуворлигини таъминлаш — асосий вазифамиздир, - деган ИИВ Матбуот хизмати раҳбари.






