2020 йил 24 июнь куни "darakchi.uz" сайтида "Шаҳрисабз Давлат музей-қўриқхонаси бош директорига нисбатан жиноят иши қўзғатилди" сарлавҳаси остида Бош прокуратура Матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида хабар берилган эди. Шундан сўнг, Маданият вазирлиги томонидан ушбу хабарга раддия берилиб, ундаги маълумотлар инкор этилди. Шунингдек, Шаҳрисабз Давлат музей-қўриқхонаси бош директори ҳам ижтимоий тармоқ орқали чиқиш қилиб, айни пайтда ҳибсда эмаслигини айтган. "darakchi.uz" сайти ушбу материалда келтирилган тергов ҳаракатлари давомида аниқланган ҳолатлар бўйича Бош прокуратура Матбуот хизмати тақдим этган маълумотлардан бошқа ёндашувларни қўшган эмас. Хусусан, сайтда берилган хабарда музей-қўриқхона директорининг ҳибсга олингани ҳақида маълумот йуқ. Шунингдек, ушбу расмий маълумотга асосланган хабар нафақат Маданият вазирлиги раддия берган сайтда, балки 2020 йилнинг 24-25 июнь кунлари Ўзбекистоннинг қатор сайтларида берилди.
Бундан ташқари, Маданият вазирлиги раддиясига жавобан Шаҳрисабз Давлат музей-қўриқхонаси бош директори фаолияти юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари, аниқланган камчиликлар ва мансабдорга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича Бош прокуратура томонидан қайтадан батафсил маълумот берилди:
"Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлим томонидан Шаҳрисабз Давлат музей-қўриқхонасида назоратчи бўлиб ишловчи О.Т.нинг мурожаати юзасидан тегишли соҳа мутахассислари иштирокида ўтказилган текширишда, Шаҳрисабз Давлат музей-қўриқхонаси бош директори Н.Х. мансаб мавқеини суистеъмол қилиш йўли билан турмуш ўртоғи Д.В.ни 13.01.2018 йилдан музейда етакчи мутахассис вазифасига ишга қабул қилиб, 25.386.038 сўм, Б.М.ни 01.06.2018 йилдан музей катта илмий ходими вазифасига ишга қабул қилиб, 15.559.634 сўм, Б.Б.ни 17.08.2018 йилдан музей бош мутахассиси вазифасига ишга қабул қилиб, 12.663.509 сўм, Ж.Х.ни 03.09.2018 йилдан музей қоровули вазифасига ишга қабул қилиб, 1.466.855 сўм ва бошқа ҳолатларда 7.814.436 сўм жами 62.890.472 сўм ҳақиқатда ишламаган кунлари учун иш ҳақларини ҳисоблаб, уларнинг номларига очилган пластик карталарига ўтказиш орқали унга ишониб топширилган ўзганинг пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар қуйидаги асосларга кўра ўз исботини топган:
1. Шаҳрисабз Давлат музей-қўриқхонаси бош директори Н.Х. ва турмуш ўртоғи Д.В.нинг ҳақиқатда ишга келмаганлиги ҳолатлари кадрлар бўлими бошлиғи Д.Ю., музей-қўриқхонаси директор ўринбосари А.Р. ва музейда ишловчи бошқа ходимларнинг тушунтириш хатларида ўз тасдиғини топган.
2. Шаҳрисабз Давлат музей-қўриқхонасида ҳақиқатда ишламаган 5 нафар фуқароларга ойлик иш ҳақлари асоссиз ҳисобланганлиги Шаҳрисабз шаҳар Молия бўлими ва Бандликка кўмаклашиш маркази мутахассислари иштирокида ўтказилган ўрганишда ўз исботини топган.
3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 79-моддасида кўрсатилган “ўзаро яқин қариндошининг бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланиши тўғрисидаги” талаблари бузилган.
Шаҳрисабз тумани А.Темур номли тарих музейи директори Н.Х. ва бошқаларнинг ҳаракатларида мансаб мавқеини суистеъмол қилиш йўли билан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жинояти аломатлари мавжудлиги сабабли 2020 йил 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “г” банди, 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган", - дейилади тақдим этилган батафсил маълумотда.
Маълумот учун: Лавозимдаги шахс ёки ходимга нисбатан жиноят иши очилганда, бу унинг меҳнат фаолиятининг тўхтатганлигини билдирмайди. Унинг лавозимда қолиш ёки қолмаслик масаласини суд қарори ҳал қилади.






