Шу йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг 64/18-сонли муассасаси (Сангород)дан Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани Баҳор маҳалласида истиқомат қилган, Навоийдаги колонияда жазо муддатини ўтаётган 45 яшар маҳкум Фарруҳ Хидировнинг ўлиги чиқди. Бу ҳақда Фейсбук ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Абдураҳмон Ташанов марҳумнинг фото ва видеосини илова қилган ҳолда ўз саҳифаси орқали хабар қилган.
"Билмадим, Фейсбук ижтимоий тармоғи постимга илова қилинаётган видеоматериалларни чоп қиладими-йўқми, ижтимоий тармоқдаги дўстларимиздан колония тезкор вакилларининг ваҳшийлиги баён қилинган постимни ўзаро улашишларини илтимос қилардим.
Пичоқ суякка етди! Булар қачонгача “узр” билан қутулади. Булар қачонгача одамни милиция зўровонлари ўлдиради-ю, жавобига келганида блоггерларни айблашади.
Қўяётган видеоларимга эътибор беринг! Инсон зоти шунчалар ваҳшийми? Одамзодни шунчалик қийноққа солиш мумкинми?
Яқинларининг айтишича, Фарруҳ бир неча кун аввал уйига қўнғироқ қилиб, колония ходимлари пул талаб қилишаётганини айтган, ва ҳатто, қандайдир ҳисоб рақамлари ҳам беришган экан.
Сўнг унинг чалажон танасини Сангородга олиб келишибди. У ерда 8 кун давомида ўзига келтиришга уринишган, лекин бўлмабди.
Оддий бир ҳуқуқ ҳимоячиси, фуқаро сифатида изтиробга тушмоқдаман. Наҳотки, ҳаммаси шундай кетаверади?! Қийноқларнинг, хўрликларнинг охири борми?!
Сенат раиси, Республика Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти бу ҳодисага очиқ эфир орқали тўғридан-тўғри изоҳ бериши шарт, деб ҳисоблайман", - деб ёзиб қолдирган пост муаллифи.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Чироқчи тумани ва Андижон шаҳрида ҳам фуқаролар ИИБ ходимлари қийноқларидан вафот этган эди. Куни кеча бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев ушбу жиноят иши бўйича масъулларни кескин танқид қилган эди. Бугун бўлиб ўтган брифингда ушбу жиноят иши ортидан ИИБ ходимлари қамоққа олингани маълум қилинди.
Мавзуни давоми: