Бугун, Қашқадарёда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирокида журналист ва блогерлар учун брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда Вилоят ҳокимлиги Матуот хизмати хабар қилди.
Сал аввал Қашқадарёда бир нечта ташкилот раҳбарлари коронавирусга чалиниб, карантинга олингани ҳақида хабарлар тарқалганди ва вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати томонидан мазкур хабарлар рад этилган эди. Бугунги брифингда вилоят ҳокимининг маълумот беришича, айни кунга қадар вилоят прокуратураси, ИИБ бошқармаси, вилоят почта, кадастр, Қарши ва Қамаши туман ҳокимликларида коронавирус билан чалиниш ҳолати кузатилган.
Шунингдек, брифингда вилоят раҳбари Қашқадарё тиббиётининг моддий-техник базаси аҳволи қай даражада эканлиги ҳақида ҳам маълумот берди.
"Ўрганиш натижасида 80 та машина эскирганлиги, 15 та қўшимча машинага талаб борлиги аниқланди ва ушбу махсус машиналар 1 августгача олиб келинади.
Вилоятдаги тиббиёт муассасалардаги ҳолат ўрганиб чиқилганда 5 дона ПЗР аппарати, 120 дона сунъий нафас бериш аппарати, 30 дона портатив рентген аппарати, 200 дона кислород концентратори ускуналарига талаб борлиги аниқланди. Республика комиссияси ёрдами билан марказлашган ҳолда 2-3 кун ичида улар ҳам олиб келинади.
Бугун 60 та сунъий нафас бериш аппарати (СПАП), 4 та рақамли рентген аппарати, 40 та кислород концентратори, 4 та жарроҳлик сўргичи (хирургический отсос) етиб келди", - деди Зойир Мирзaев.
Брифинг якунида вилоят ҳокими яна бир бор аҳоли, сектор раҳбарлари, тиббиёт ходимлари, дорихона раҳбарлари ва вилоятдаги ташкилотлар раҳбарларига мурожаат билан чиқди.
"Уйда қолинг, беҳуда кўчага чиқманг, ўзингизни, оилангизни асранг. Тиббиёт ходимлари тавсияларига тўлиқ риоя қилинг, ниқобсиз юрманг!
- Вилоятдаги 3262 нафар врач, 26336 нафар ўрта тиббиёт ходимлари, шундан 4099 нафар патронаж ҳамшираларга, жами 31000 нафарга яқин тиббиёт ходимларига мурожаат қилмоқчиман.
Иссиғи чиққанлиги боис уйида ётиб қолган беморлар Сиз хизмат кўрсатаётган ҳудудда жойлашган:
Бирорта беморни эътиборсиз қолдирманг, телефонда бўлса ҳам 2-3 марта сўраб далда бўлинг.
- Дорихоналар мудирларига шундай оғир дамларда халқимиздан ортиқча ундиришга, дори-дармонлар нархини асоссиз оширманг.
- Эсда тутинг, сиз вақтида топиб берган дори бир инсонни ўлимдан олиб қолиши ёки яширсангиз тескариси бўлиши мумкин!
- Сектор раҳбарлари ва маҳалла фаоллари ўз ҳудуди аҳолиси саломатлиги учун масъул бўлса, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳам ишчи-ходимлари саломатлиги учун худди шундай масъул эканлигини унутмаслиги керак.
- Биз касалликка қарши курашда Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Швеция тажрибаларини ўрганаяпмиз ҳаммасини тагида фуқароларнинг ўз соғлигига нисбатан талабчанлиги, қатий интизом ва сабр тоқат ётибди", - деди Зойир Мирзаев.






