«UzAuto Motors»нинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги шикоят аризаси бўйича шу йилнинг 30 октябрь куни суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинганди.
Шундан сўнг Қўмита вакилларининг юқори инстанцияга мурожаати билан 2020 йил 11 декабрь куни Тошкент шаҳар маъмурий судининг апелляция инстанциясида аризачи - “UzAutoMotors” акциядорлик жамиятининг жавобгар - Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан махсус комиссиясининг 21/31-сонли иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги маъмурий иш юзасидан суднинг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар томонидан келтирилган апелляция шикоятини мазмунан кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланган эди.
Олий суднинг хабар беришича, 18 декабрь куни мазкур суд иши якун топди.
Суд мажлисида жавобгар вакиллари томонидан апелляция шикоятига қўшимча тақдим этилиб, тарафлар ўртасида муҳокама қилиниб иш юритувига қабул қилинди.
“UzAuto Motors” акциядорлик жамияти вакилларининг жавобгар томонидан келтирилган апелляция шикояти юзасидан эътирозлари тингланди.
Апелляция судлов ҳайъати тарафларнинг тушунтиришлари ва прокурорнинг фикрини эшитиб, ишни кўриш натижаси бўйича қарор қабул қилди.
Қарорга кўра биринчи инстанция судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарори ва хусусий ажрими ўзгаришсиз, келтирилган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.
Шунингдек, судлов ҳайъати ишни кўришда тараф сифатида “Azimavtomotive” МЧЖ ва истеъмолчиларни учинчи шахс сифатида жалб этиш тўғрисидаги илтимосномани рад этилганлигини эълон қилди.
Суднинг қарори эълон қилинганидан сўнг, тарафларга нима сабабдан судлов ҳайъати ушбу хулосага келганлиги ва қарорга нисбатан шикоят бериш муддати ва тартиби тўғрисида тушунтириш берилди.
Эслатиб ўтамиз, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “UZAUTOMOTORS” АЖда “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши бўйича қўзғатилган иш жорий йилнинг 19 август куни кўриб чиқилган эди.
Қўзғатилган ишнинг кўриб чиқилишида компаниядан бирор вакил қатнашмагач, иш охирида Монополияга қарши курашиш қўмитасининг махсус комиссияси “UZAUTOMOTORS” АЖ автомобиллар нархини 3 млндан 19 млн сўмгача тушириши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилганди.
Шундан сўнг "UzAvto Motors” АЖ Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят киритган эди.
2 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий судида “UzAutoMotors” АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг ишига оид қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича бошланган суд жараёни Монополияга қарши курашиш қўмитасининг мағлубияти билан якун топган эди.






