Бу ҳақда биладиганларку ўз йўлига, билмайдиганлар эса қандай қилиб чиқиндининг “соч ва соқол”га айланиши мумкинлигидан ҳайратда бўлишса керак. Бугунги фоторепортажимиз орқали эса сиз бу сунъий соч ва соқолнинг тайёрланиш жараёни билан танишасиз. Бунинг учун биз сиз билан Наманган вилояти Наманган туманидаги синтетик тола ишлаб чиқариш корхонасига борамиз.

Бироз аввал Наманган туманини бошқа (3 та) туман билан таққослаганимизда саноат ишлаб чиқариш ҳажми бўйича энг юқори кўрсаткични қайд этиб турганди (йиллик 739,9 млрд. сўм). Бунинг исботи сифатида бошқа ҳудудларда деярли учрамайдиган, чиқиндидан ҳам пул қилаётган ушбу корхонани биргина мисол қилиб олишимиз мумкин.
1. ЖАРАЁН ҲОМ-АШЁ ЙИҒИШДАН БОШЛАНАДИ
Корхона таъсисчиси Тоҳиржон Шералиевнинг айтишича, синтетик тола учун керак бўладиган ҳом-ашё – бу “баклажка”. Экологияга зарар етказадиган ва умуман чиримайдиган бу ҳом-ашё махсус ишчилар, йиғиб келиб топширадиган маҳаллий аҳоли ва ҳаттоки, қўшни Қирғизистон Республикасидан ҳам импорт қилиш ҳисобига шакллантирилар экан.



2. КИМЁВИЙ ИШЛОВ БЕРИШ
Йиғилган маҳсулот қайта ишлаш учун кимёвий ишлов беришга юборилади. Ундан кейин эса мана бу ҳолатда майдаланади:


3. ИПГА АЙЛАНТИРИШ ЖАРАЁНИ
Майдаланган ярим-тайёр маҳсулот махсус ускуналар орқали ип ҳолига келтирилади ва кейинги босқичга йўналтирилади.



4. “СОҚОЛ ВА СОЧ” ТАЙЁР!
2-3 та босқичдан ўтган ярим-тайёр маҳсулот синтетик толага айланади.




ЯНА ҚАНДАЙ МАҚСАДЛАРДА ФОЙДАЛАНИЛАДИ?
Пандемиядаги йўқотишларни очиқ айтган, ҳокимлик пулларини қаерларга сарфлаганини тийинигача ҳисоблаб берган Наманган тумани ҳокими Садритдин Мўминов аслида “кукла барби”га соч ёки қорбобога “соқол” бўлишдан ҳам бошқа муҳим вазифаларни бажарувчи синтектик тола:
- устки кийимлар;

- юмшоқ ўйинчоқлар;

- ёстиқ ва кўрпалар;


- мебеллар ичига солинувчи синтепон ва бошқа турли мақсадларда ҳам ишлатилиши мумкинлиги бизга маълум қилди.

“МЕН ҲАМ ШУНДАЙ КОРХОНА ҚУРСАММИКИН...” – ДЕБ ЎЙЛАБ ҚОЛГАНЛАР УЧУН
14 млрд. сўм эвазига (2 млрд. тадбиркор ва 12 млрд. банк кредити ҳисобидан) қурилган корхонанинг йиллик қуввати – 600 тонна. Яратилган иш ўрни эса 100 та.
Тайёрлаган фоторепортажимиз орқали сизга ниманидир кўрсатиб бера олган бўлсак, демак, мақсадимизга етибмиз. Бизни кузатишда давом этинг. Биргаликда кўп нарсаларни кашф қиламиз!
Сардорбек Раҳмонқулов





