Аввал хабар берганимиздек, 2020 йил 29-31 декабрь кунлари Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида 12 нафар фуқаро Қирғизистон Республикаси акциз маркаси ёпиштирилган “Градусник” номли спиртли ичимлигини истеъмол қилганликлари оқибатида шифохонага ўткир заҳарланиш ташхиси билан ётқизилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қарамасдан, дастлаб, уларнинг 2 нафари, кейинчалик эса яна уч кишининг вафот этгани хабар қилинган эди.
Айни пайтда Бош прокуратура матбуот хизматининг "darakchi.uz"га маълум қилишича, спиртли ичимликдан заҳарланган 6-бемор кеча, 6 январь куни вафот этди.
Шунингдек, маълум бўлишича, заҳарланганларнинг умумий сони 12 нафар эмас, 13 киши экан. Ҳозирда 6 нафар бемор соғайган, бир нафари эса реанимацияда оғир аҳволда қолмоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан 2 нафар шахс: А.С. (сотувчи) ва етказиб берувчи аёл Н.А.га (уй қамоғи) нисбатан эҳтиёт чораси қўлланилган.
Уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 186-моддаси, 4-қисми «а» банди билан жиноий иш қўзғатилди.






