Хабарингиз бор, сал аввал Ўрта Чирчиқ туманида 14 ёшли қизалоқнинг номусига теккан шахслар жазосиз қолаётгани ва ушбу ҳолатни Сенат ўз назоратига олгани ҳақида хабар қилган эдик. Шунингдек, мазкур жиноят иши юзасидан прокуратура органлари ва вилоят ИИББ назоратида тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган эди.
ЎзАда тергов жараёни қандай кетаётгани ҳақида хабар берилди.
Маълум бўлишича, Тошкент вилояти прокуратураси назорат қилиб бораётган тергов жараёнида вояга етмаган қизалоқнинг номусини булғаган шахсга қўйилган айблов ўзгартирилди.
Эслатиб ўтамиз, аввал бу иш бўйича Ўрта Чирчиқ тумани прокуратураси томонидан 2020 йил 30 сентябрда Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, туман ички ишлар бўлими тергов бўлимига юборилган.
Бу модда - ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, деб номланади.
Суриштирув натижасига кўра, айбланувчи шахслар аниқланмаганлиги асоси билан жиноят иши 2020 йил 30 октябрда ЖПКнинг 1-қисми 1-бандига асосан тўхтатилган.
Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари жабрланувчи томоннинг саъй-ҳаракати билан 2021 йил 13 февралда тикланган.
2021 йил 17 март куни, яъни мақола эълон қилинганидан бир кун ўтиб гумонланувчи А.Х. Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида ушланган.
2021 йил 18 март куни А.Х. Жиноят кодексининг 118-модаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинди.
Бу модданинг мазмуни эса номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш билан боғлиқ.
Гумонланувчини қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида судга киритилган илтимоснома қаноатлантирилди. Жиноят ишлари бўйича Ўрта Чирчиқ тумани судининг 2021 йил 19 мартдаги ажрими билан А.Х.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Тергов жараёнида ушбу иш бўйича мақола ёзилишига сабабчи бўлган Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази психологи жавбрланувчи қизалоқ билан бирга иштирок этмоқда.
Мазкур марказ психологлари қаттиқ руҳий зарба олган, тушкунликка тушган қизалоқ билан мунтазам мулоқот қилиб, уни ҳаётга тўлақонли қайтариш устида иш олиб бораяпти.






