Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ахборот хизмати хабарига кўра, Россия Федерацияси ИИВ мурожаатида мамлакат ҳудудида қонуний равишда бўлган ҳар бир киши эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эгалиги таъкидланган.
Шунингдек, вазирлик коронавирус инфекцияси тарқалиши шароитида чет эл фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўрмоқда.
Россия иқтисодиётининг айрим тармоқларида меҳнат ресурслари етишмаслигини инобатга олиб, Россияда қолган чет эл фуқароларини қурилиш, уй-жой коммунал ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига қонуний ишга жалб қилиш ёки уларнинг ўз ватанларига қайтиш имкониятлари таъминланмоқда.
Россия Федерацияси Президентининг 2020 йил 18 апрелдаги “Россия Федерациясидаги хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолатини янги коронавирус инфекцияси кенг тарқалиши хавфи муносабати билан тартибга солиш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида”ги 274-сонли фармони (http://kremlin.ru/events/president/news/63216)га асосан миграция қонунчилигида белгиланган яшаш тартибини бузган ҳолда мамлакат ҳудудида бўлиб турган шахсларга, бундай ҳолатда назарда тутилган санкцияларни қўлламасдан, ўзларининг ҳуқуқий мақомларини тартибга солиш имконияти берилган.
Шу муносабат билан, Россия Федерацияси ҳудудида бўлиш учун ҳеч қандай қонуний асосга эга бўлмаган шахсларга Россия ИИВнинг улар бўлиб турган жойлардаги ҳудудий органларига мурожаат қилиш тавсия этилади. Ушбу фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан вақтинча яшаш муддатини узайтириш, яшаш жойида рўйхатдан ўтиш тўғрисида қарор қабул қилинади ва тегишли рухсатномалар расмийлаштирилади.
Мавзуга доир:
Ўзбекистон Россиядаги мигрантларни олиб келиш учун поезд қатновини йўлга қўяди






