АсосийJamiyat

"Жиноят ишига оид бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди". Олий суд хонанда Жасур Умировга тайинланган жазонинг ўзгартирилгани бўйича расмий баёнот берди

'"Жиноят ишига оид бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди". Олий суд хонанда Жасур Умировга тайинланган жазонинг ўзгартирилгани бўйича расмий баёнот берди'ning rasmi

Куни кеча хонанда Жасур Умировнинг қамоқдан чиққани ҳақида ижтимоий тармоқларда видеолар тарқалгани ҳақида хабар берган эдик.

Шундан сўнг, ИИВ ЖИЭД Ахборот хизмати Ж.Умировнинг жазоси енгиллаштирилгани, яъни "озодликдан маҳрум қилиш" жазоси "озодликни чеклаш" жазосига ўзгартирилганини маълум қилди.  

Айни пайтда ҳолат юзасидан Олий суд Матбуот хизмати расмий баёнот берди

Келтирилишича, Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг 2021 йил 2 февралдаги ҳукмига кўра, Ж. У. Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Самарқанд вилоят суди апелляция  инстанциясининг 2021 йил 12 мартдаги ажрими билан ушбу ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.

2021 йил 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ёпиқ суд мажлисида мазкур жиноят иши бўйича жабрланувчи ва судланган Ж. У. нинг адвокати томонидан кассация тартибида берган шикоятлари асосида ушбу жиноят иши кўриб чиқилиб, Ж. У. га нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг 2021 йил 2 февралдаги ҳукми ва Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 12 мартдаги ажрими ўзгартирилган.

Расмий баёнотга кўра, Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажримига кўра, Ж. У. га Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан Жиноят кодексининг  57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, унга 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) 1-қисми талабларига мувофиқ ушбу жиноят ишига оид бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди.

Эслатиб ўтамиз, бир муддат аввал таниқли эстрада хонандаси Самарқанддаги лицейнинг биринчи курсини эндигина тамомлаган, вояга етмаган қизнинг номусига теккани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик, ушбу шахс эстрада хонандаси Жасур Умиров деган тахминлар пайдо бўлиб, ҳолат юзасидан қайта текширув тайинлангани ва жиноят иши очилгани хабар қилинди. Шундан сўнг, ишда тўпланган далиллар асосида Ж.У.га нисбатан 118-моддаси 3-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, суднинг 21.12.2020 йилдаги ажримига асосан хонандага нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган ва суд ҳукмига асосан, Ж. У.(Жасур Умиров) Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. 

    Бошқа янгиликлар