Давлатимиз раҳбари Самарқанд шаҳрининг Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасида қурилган туннелни бориб кўрди.
Бу икки кўча шаҳардаги энг катта, серқатнов йўллардан. Туннел қурилиши натижасида транспортлар ҳаракатига қулайлик ошиб, тирбандлик бартараф бўлди. Унинг узунлиги 120, кенглиги қарийб 27 метр.
Рудакий кўчасида автомобиль ва трамвай йўли, пиёдалар ва велосипед йўлаклари қурилди. Ҳудуд ободонлаштирилди.
Шу ерда Самарқандда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича келгуси режалар ҳақида маълумот берилди.
- Охирги йилларда Самарқанд ҳар томонлама ривожланаяпти. Лекин ҳали одамларга қулайлик ва хавфсизлик жиҳатидан кўп иш қилиш керак. Бу ерда ҳам йил сайин машиналар кўпаяпти. Йўллар, светофорлар эса деярли ўша-ўша. Шунинг учун бу соҳага ихтисослашган илмий-амалий марказ ташкил қилиш мақсадга мувофиқ. Улар хориж тажрибасини ўрганиб, жорий этиши, қайси йўлни кенгайтириш, қаерга йўлак қуриш, қаерда светофорни олиб ташлаш бўйича таклиф ишлаб чиқиши керак, - деди Президент.
Шавкат Мирзиёев мазкур туннел яқинида, Бўстонсарой кўчасида қурилган галерея услубидаги кўприкни ҳам кўздан кечирди.
Шу пайтгача йўлнинг Сиёб канали устидан ўтган қисми анча паст бўлиб, ёғингарчилик пайтида транспорт ва пиёдалар учун ноқулайлик туғдирарди. Шу боис йўл 23 метргача кўтарилиб, эни 31 метргача кенгайтирилган. Йўлнинг икки четида ҳимоя воситаси, шовқин камайтирувчи тўсиқлар ўрнатилди. Пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилган.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда янги фойдаланишга топширилган 143 млрд. сўмлик туннелдан сув сизиб чиқаётгани акс этган видео ҳақида хабар берилган эди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, Самарқанд вилояти "1-Кўприк қурилиш отряди" директор ўринбосари Азимбек Мирзаев ҳолат бўйича муносабат билдирган.
Самарқанд шаҳрининг Бўстонсарой ва Рўдакий кўчалари кесишмасидаги тоннел типидаги йўл ўтказгичда кузатилган сув ўтиш ҳолатига "Кўприкқурилиш" Трести УК ҳам изоҳ бериб, кўприк тўлиқ битмасдан байрам учун очиб юборилганини таъкидлаган эди.






