Хабарингиз бор 2021 йил 18 октябр куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабасини декан ўринбосари зўрлашга ҳаракат қилгани ва қиз ўзини ҳимоя қилиш учун дерезага талпинганда "зам декан" уни итариб юборгани ҳақида хабар тарқалган ва шунга кўра, декан ўринбосари Ю.Б.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиб, мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, иш судга оширилган эди.
Шундан сўнг, 2022 йил 7 апрель куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида Жиноят кодексининг 25,118-моддаси 1-қисми ва 104-моддаси 1-қисми билан айбланган Б. Ю. (1984 йилда Хоразм вилоятида туғилган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланган ва ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) 1-қисмига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўрилган.
Бугун, 2022 йил 7 июнь куни, судланувчи Б. Ю. га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни ўз ниҳоясига етиб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси Т. Касимов раислигида кўриб чиқилди. Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Б. Ю. Жиноят кодексининг 25,118-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун ассолар) 2-бандига асосан реабилитация қилинди.
Б. Ю. Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо манзил-колонияларда ўтаттирилиши белгиланди.
Шунингдек манфаатдор шахсларга мулкий ундирув масаласида фуқаролик суд иш юритуви тартибида мурожаат қилиш лозимлиги тушунтирилди. Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчи, жабрланувчи ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур воқеа содир бўлган даврда "darakchi.uz" тафсилотларни батафсил ўрганиш учун талаба қиз олиб борилган шифохонада бўлиб, жабрдийда ва унинг онаси билан суҳбат ўтказган эди.






