Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг август ойида республикамиз божхоначилари Тошкент халқаро аэропортида 57 дона тимсоҳ болалари ҳамда 10 дона буқаламунларни ноқонуний равишда олиб киришга бўлган уринишларни фош қилишган эди.
Ҳолатга ойдинлик киритилгунига қадар ушбу ёввойи ҳайвонлар Тошкент ҳайвоноот боғига вақтинча сақлаш учун топширилган эди.
Ижтимоий тармоқларда айрим савдо белгиларини тарғиб қилишда ёввойи ҳайвонлардан, хусусан тимсоҳ болаларидан фойдаланилганлиги сабабли жамоатчиликда ушлаб қолинган тимсоҳ болалари бегона қўлларга чиқиб кетганлиги юзасидан шубҳа-гумонлар юзага келганлиги туфайли Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати Тошкент ҳайвонот боғида бўлиб, жониворларнинг ҳозирги ҳолати билан қизиқди. Бу ҳақда қўмита Матбуот хизмати "Darakchi.uz"га маълум қилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, тимсоҳчалар ҳайвонот боғи экспозициясида ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола қилинмоқда. Ёввойи табиатдан ажратиб олинганлиги сабабли тимсоҳ болаларининг барчаси ҳам бирдек хонаки шароитга мослашганича йўқ. Уларнинг айримлари мустақил равишда озиқлана олмаяпти.
Шунингдек, ҳамон махсус карантинда сақланаётган буқаламунларнинг аҳволини ҳам яхши деб бўлмайди. Улар қутида мевалар орасида олиб келинганлиги сабабли парвоз вақтида мевалар ичида сиқилиб қолиб, жиддий шикаст еган.
Натижада, ҳозирга келиб 1 бош тимсоҳча ва 6 бош буқаламун нобуд бўлди. Ҳозирда улар утилизиацияга қадар махсус музлаткичда сақланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фаунасида Нил тимсоҳлари ва Яман буқаламунлари учрамаслиги сабабли улар мамлакат Қизил китобида учрамайди. Аммо, Халқаро қизил китобга киритилган.
Шу сабабли ҳам йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан Халқаро савдо қилиш конвенциясига мувофиқ ушбу жонзотларни республикага олиб киришда CITES махсус рухсатномаси талаб этилади. Вахоланки, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, бундай рухсатнома олиш учун мурожаат келиб тушмаган.
Жониворларнинг кейинги тақдири суд хукмига биноан ҳал бўлади.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Таъкидланишича, республика божхоначилари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 2 бош шер боласининг, 55 бош сава қушларининг, 57 бош тимсоҳ болаларининг ва 10 бош яман буқаламунларнинг ноқонуний олиб ўтилишига ўз вақтида чек қўйишган.






