Даниялик ҳуқуқшунос ва ўта ўнгчи "Қаттиқ курс" партияси асосчиси Расмус Палудан Копенгагендаги масжид олдида ҳам муқаддас китобни ёқиб юборди.
Олдинроқ ушбу сиёсатчи Туркиянинг Стокгольмдаги элчихонаси олдида Қуръонни ёқиб юборганди. Содир бўлган воқеа ҳақида Anadolu агентлиги хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, Палуданнинг акцияси жума намозидан кейин маҳаллий масжид қаршисида содир бўлган. Ҳимоя каскасини кийиб олган сиёсатчи полиция ҳимоясида бўлган. Стокгольмда бўлгани каби Копенгагенда ҳам ушбу акция маҳаллий ҳукумат билан келишилган.
The Local’нинг ёзишича, Палудан Данияда бу каби акцияларнинг камида яна иккитасини ўтказишни режалаштирган, улардан бири Копенгагендаги турк элчихонаси қаршисида ўтказилади. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Дания элчисини Палуданнинг акциясини маъқуллаганига норозилик билдириш мақсадида вазирликка чақиртирган.
Эслатиб ўтамиз Швециядаги Туркия элчихонаси олдида ўтказилган намойишда Қуръон китоби ёқиб юборилган эди.
Нидерландияда ҳам Қуръон китоби йиртиб, ёқиб юборилганди. "PEGIDA" ҳаракати етакчиси бу билан Стокголмдаги Туркия элчихонаси олдида "Қуръон" китоби ёқиб юборилганидан сўнг танқидга учраган даниялик сиёсатчи Расмус Палуданни қўллаб-қувватлаган эди.