Республиканинг айрим дорихоналарида ҳамон "Quramax" компанияси дорилари сотилаётгани аниқланди

ЖАМИЯТ 03.02.2023, 20:56
Республиканинг айрим дорихоналарида ҳамон "Quramax" компанияси дорилари сотилаётгани аниқланди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дори ишлаб чиқарувчиларни хомашё ва тайёрлаш жараёни сифатини назорат қилишни кучайтириш, ҳукуматларни бозорларда сифатсиз ва қалбаки дори воситалари устидан назоратни кучайтиришга чақирди.

2023 йил 26-27 январ кунлари "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати томонидан дорихоналарда тақиқланган дори воситаларининг сотилишини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон бўйлаб 308 та дорихона ўрганилди.

Натижада ҳудудларда дорихона ходимлари тақиқланган дори воситалари сотилмаслиги ҳақида хабардор қилингани маълум бўлди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини химоя қилиш жамиятлари федерацияси, патронаж хизматлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, сотувдан чиқарилган дори воситалари рўйхати тарқатилмоқда. Аксарият дорихоналарда тақиқланган дори воситалари сотувдан олиб қўйилган, бироқ омборларда ҳамон сақланаётгани аниқланди.

Мониторингда маълум бўлдики, айрим дорихоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сотуви тўхтатилган дори воситалари эркин сотувда мавжуд. Хусусан, Қашқадарё вилояти (Қарши шаҳри) ва Сурхондарё вилоятининг айрим дорихоналарида (Жарқўрғон туманидаги "Сурхон Марказий", "Дўстлик" маҳаллаларида) Ҳиндистоннинг "Marion Biotech Pvt. Ltd." компанияси томонидан ишлаб чиқарилган "Нолгрипп Жуниор" йўталга қарши сиропи, "Травамакс", "Нолгрипп" ва "Цинепар" таблеткалари ва пастилларини ҳали ҳам харид қилиш мумкин. Аҳоли ушбу дори-дармонларни юз берган фожиали ҳолатлар, соғлиқ ва ҳаёт учун эҳтимолий хавфларга қарамай, аввалгидек сотиб олмоқда.

Шу муносабат билан "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати қуйидагиларга чақирди:

  • биринчидан, аҳоли, айниқса, чекка қишлоқлар, поликлиникалар ўртасида кенг тушунтириш ишларини ўтказиш;
  • иккинчидан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан савдоси тўхтатилган ва суд томонидан тақиқланган дори воситалари рўйхатини барча дорихоналарнинг кўринадиган жойига жойлаштириш;
  • учинчидан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан савдоси тўхтатилган ва суд томонидан тақиқланган, лекин  омборларда сақланаётган барча дориларни, тадбиркорларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласини кўриб чиққан ҳолда, йўқ қилинишини таъминлаш.

"Мониторинг натижалари бўйича материаллар (дорихоналар манзиллари, чеклар) чора кўрилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига тақдим этилди",–дейилади хабарда.  

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда "Док-1 Макс" сиропини ичиш натижасида болалар ўлими кузатилган сўнг айбдорларни аниқлаш, уларни жавобгарликка тортиш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, "Quramax Medikal" компаниясининг Ўзбекистонда фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензияси суд тартибида бекор қилинди, яроқсиз дори воситаларини муомаладан чиқариб ташлаш ва уларни йўқ қилиш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва бошқа дори воситаларини қўшимча текшириш мақсадида 2022 йилда "Quramax Medical" томонидан олиб кирилган барча дори воситалари сотувини тўхтатди . Булар 36 турдаги дорилар бўлиб, улар ичига "Док-1 Макс", "Нолгрипп" сироплари, "Травамакс" таблеткалари ва эритма учун гранулалари киради.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1