1

Мустақил комиссия Нукус воқеаларида айбланган Пўлат Шамшетов ўлими юзасидан расмий баёнот берди

ЖАМИЯТ 07.02.2023, 22:12
Мустақил комиссия Нукус воқеаларида айбланган Пўлат Шамшетов ўлими юзасидан расмий баёнот берди

Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бўлимининг собиқ бошлиғи Пўлат Шамшетов Нукус воқеалари бўйича ҳукм чиқарилгандан кўп ўтмай вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Шундан сўнг, мазкур ҳолат бўйича Мустақил комиссия аъзолари жорий йилнинг 6 февраль куни Бухоро вилоятига ташриф буюриб, ўлим ҳолати сабабларини, жумладан ҳибсхонадаги шароитлар, камера ёзувлари, дастлабки тиббий ҳулоса ва бошқа тегишли ҳужжатларни ўрганишади. Шунингдек, марҳум билан битта камерада бўлган  шахслар ва тергов ҳибсхонаси ходимлари билан суҳбат ўтказиши айтилган эди. Бундан ташқари Пўлат Шамшетов ўлими юзасидан Бош прокуратура текширув ўткази, ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган эди.

Бугун, 7 февраль куни эса Қорақалпоғистон Республикасида 2022 йил июль ойида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича Мустақил комиссия аъзолари ҳамда Омбудсманнинг Бухоро вилояти минтақавий вакили марҳум Пўлат Шамшетовнинг ўлими сабабларини ўрганиш мақсадида 4-сонли Тергов ҳибсхонасида бўлиб, марҳумнинг ўлими юзасидан расмий баёнот берди

Унга кўра, ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. 

“Олинган дастлабки маълумотларга кўра, марҳум Пўлат Шамшетов ўпка артерияси тромбоемболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган. Ўрганиш ишлари давом этмоқда”, дейилади Комиссиянинг баёнотида.

Маълум қилинишича, Мустақил комиссия аъзолари 6-минтақавий мувофиқлаштирувчи марказ бошлиғи подполковник Ш.Раджабов, ҳибсхона бошлиғи подполковник У.Асадов ва ҳибсхона тиббиёт бўлими бошлиғи майор Н.Пўлатов, шунингдек, марҳум Полат Шамшетов вафот этган куни ҳибсхонада навбатчиликда бўлган тиббиёт бўлими фелдшери – катта сержант Д.Темиров ҳамда тартибот ва қўриқлаш бўлими корпус катта сафдори Р.Жумаев билан ҳолат юзасидан суҳбатлашган.

Шунингдек, қайд этиш ҳужжатлари ҳамда ҳибсхонада сақланаётган шахслар ва хизмат олиб бораётган ходимлар ҳаракатини назорат қилиш мақсадида ўрнатилган видеокузатув камералари ёзувларини ўрганган.

“Комиссия аъзолари марҳум Пўлат Шамшетов билан ҳибсхонанинг камерасида бирга сақланган шахслар С.Ш. ва М.Б. билан ҳолат юзасидан алоҳида суҳбатлашди. Улар марҳум Полат Шамшетовга нисбатан руҳий ёки жисмоний тазйиқлар ўтказилмагани, бу ҳақда марҳумнинг ўзи ҳам бирор марта шикоят қилмаганини қайд этишди”, дейилган расмий баёнотда.

Қолаверса, Мустақил комиссия марҳум Полат Шамшетов вафот этгач, ҳодиса жойи Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи, вилоят ИИБ бошлиғи, суд-тиббий экспертиза мутахассислари, Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили, марҳум Полат Шамшетовнинг адвокати ва яқин қариндошлари ва холислар иштирокида кўздан кечирилганини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, Суднинг ҳукми билан П.Шамшетов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан айбли деб топилиб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ва 6 йил озодликдан маҳрум қилинган эди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1