Бугун Тошкент шаҳридаги “Inter logistiks” МЧЖга қарашли омборда содир бўлган ёнғин ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Муҳокамаларда ёнғин объекти божхона иншооти сифатида талқин қилинмоқда. Божхона матбуот хизмати ходими Хусан Тангриев хабарларга ойдинлик киритди.
Таъкидланишича, мазкур омборнинг маълум бир қисми божхона омбори мақомига эга.
"Божхона омбори – тадбиркорлик субъектларининг лицензияланадиган фаолият турига киради. Бунда омбор эгаси - тадбиркорлик суъбекти бошқа тадбиркорларнинг Ўзбекистонга олиб келинган товарларини, содда қилиб айтганда, ҳали “растаможка” қилинмаган товарларни ўзаро келишув асосида божхона расмийлаштируви якунлангунига қадар сақлаб туради.
Дунё амалиётида, жаҳон тажрибасида бу каби омборлар божхона омбори деб юритилади. Ҳозирда республикамизда тегишли лицензияга эга 400 га яқин божхона омборлари фаолият юритмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб, божхона омборлари, хусусан ёнғин содир бўлган омбор ҳам божхона органларининг бино ва иншоотлари сирасига кирмаслигини эслатиб ўтамиз", - дейилади Қўмита матбуот хизмати ходими хабарида.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 сентябрь куни Тошкент шаҳар Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган божхона омборхонасида кучли чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлди. Айни пайтга қадар берилган маълумотларга кўра, портлаш ва ёнғин оқибатида жароҳатланганлар бор, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ, ҳудудддаги қатор хонадонлар ва бошқа объектлар жиддий зарарланган. Тошкент ҳокими портлашдан талофат кўрган уйларнинг зарари қоплаб берилишини маълум қилди.
Айни пайтда ёнғин майдони, жабрланувчилар сони аниқланмоқда. Воқеа жойига Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа масъуллар етиб борган.
ССВнинг сўнгги маълумотига кўра, портлаш оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Портлаш бўйича Президент топшириғига асосан Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилди.